Туманимиздаги Найман маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Оқ олтин” болалар оромгоҳи бу йил ҳам ўз бағрига юзлаб болаларни олди. 130 ўринга мўлжалланган оромгоҳимиз бугун дам олгувчилар билан тўла. Уларга 23 нафар ходимларимиз хизмат қилиб келишаётир. Болаларнинг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча чоралар кўрилган. Хусусан туман тиббиёт бирлашмаси 41 турдаги дори дармонлар билан таъминлаб келмоқда. Болажонларнинг соғлом овқатланишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб витаминларга бой овқатлар, салатлар ва салқин ичимликлар тайёрланиб бериляпти.
Туман халқ таълими бўлимига қарашли “Ахборот кутубхона” марказининг кўчма кутубхонасида ёш китобхонларга турли туман китоблар жамланмалари муҳайё этиб қўйилган. Оромгоҳимизда турли хил маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб “Ким эпчил-ким чаққон” миллий ўйинлари, “Оромгоҳ юлдузлари-2024” фестивали, “Ёзни Баркамол авлод билан” лойиҳаси асосида “Баркамол авлод” кунлари тадбирлари ташкилланиб ғолиблар турли эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Бундан ташқари педагог ходимларимиз “Танишув кечаси”, “Ширинликлар мамлакати”, “Фаришталар ташрифи”, “Миллий рақслар танлови”, “Балли қизлар” беллашуви, “Қувноқлар ўйини” каби маданий тадбирлар ҳамда турли спорт беллашувлари ҳам ташкиллаб келмоқдалар. Оромгоҳ сузиш ҳавзаси ҳам дам олувчилар ихтиёрида.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги “Баркамол авлод” мактаби томонидан ҳам оромгоҳда дам олаётган ўқувчи ёшлар учун турли хилдаги кинофильмлар намойиши ҳамда мактабнинг “Ёғду” болалар театрининг қўғирчоқ театри томошалари ҳам намойиш этиб борилмоқда. Шунингдек ”Баркамол авлод” болалар мактабининг “Ментал арифметика”, “Ёш қандолатчи”, “Ёш мусаввир”, “Инглиз тили”, “Математика”, “Шахмат-шашка”, “Ҳуснихат”, “Ёш китобхон”, “Бичиш-тикиш” каби тўгаракларига ҳам кўплаб ёшлар жалб этилган.
Бир сўз билан айтганда оромгоҳ дам олувчиларининг таътил кунларини мароқли, мазмунли ва эсда қоларли ўтиши учун барча саъй-ҳаракатларимизни ишга солиб келяпмиз.
Ғайратжон ЭШМАТОВ,
“Оқ олтин” болалар оромгоҳи бош етакчиси.

About The Author