Янгийўл маҳалла фуқаролар йиғинида 2009 йилда дастлаб 6 нафар ишчи билан нон ишлаб чиқаришни йўлга қўйган Сарвинозхон Ғаффорова раҳ-барлигидаги “SMSHD тех” МЧЖ қошида кейинчалик кичик оилавий тикув цехи ишга туширилган.
Бугунги кунга келиб “SMSHD тех” МЧЖнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотлари Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия ва Хитой каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонада узоқ яқиндан жами 300 нафар ишчи ходимлар фаолият юритмоқда. 3 йил аввал қуриб битказилган корхонанинг янги биносида бир вақтнинг ўзида 600 нафар ишчи учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бино қанчалик катта бўлмасин иситиш тизими тўлиқ йўлга қўйилганлиги боис қишин-ёзин маҳсулот ишлаб чиқариш бир маромда давом этмоқда.
Ишлаб чиқарилаётган маҳ-сулотлар 100 фоиз соф тоза пахтадан тайёрланганлиги боис хорижда уларга талаб юқори. Энг муҳими уларнинг сифати халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Шу боис ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилган. Бугунги кунда корхонада кунига 3 минг дона турли кийим-кечаклар тикиб буюртмачиларга жўнатиляпти. Бир ойда 100 минг донадан кўпроқ маҳсулот хорижга экспорт қилиняпти.
—Дастлабки буюртмачимиз Россия давлати бўлган. Бугунги кунга келиб эса 5 та давлат билан шартномаларимиз мавжуд. Биз асосан буюртмачиларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда кийим-кечак тикамиз. Айни кунларда болалар, ўсмирлар, аёллар ва эркаклар кийимлари тикиб тайёрланяпти. Хорижда маҳсулотларимизга талаб катта. Келажакда Туркия ва Германия давлатлари билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз, —дейди корхона ходимлар бўлими мутахассиси Муродилжон Эва-диллаев.
Корхонада ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш, замонавий ускуналар билан таъминлаш ва бунинг эвазига ишчилар сонини ошириш мақсадида жорий йилда тижорат банкидан 200 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олинган. Ушбу маблағ эвазига яна 300 нафар ишчи учун барча шароитлар яратилди. Ҳозирда ушбу бўш иш ўринларига ходимлар суҳбат асосида қабул қилинмоқда.
—Биз касб малакасига эга бўлмаган фуқароларни ҳам ишга олиб, корхонанинг ўзида кўп йиллик тажрибага эга ишчиларимизга бириктирган ҳолда устоз-шогирд анъаналари асосида 3 ой давомида ишнинг сир-асрорларини ўргатамиз. Бу уч ой давомида ҳам ишчиларга ойликлари сақланган ҳолда иш ўргатилади,—дейди Муродилжон Эвадиллаев.
Корхонада бичув, тикув, сифат назорати, дазмоллаш, қадоқлаш, омбор хўжалиги, фурнитуралар билан ишлаш бўлимлари мавжуд бўлиб барчаси тўлиқ замонавий техникалар билан таъминланган. Бу эса ходимларнинг иш фаолиятларида енгиллик яратилаётганидан далолат. Қолаверса корхонада ишчи ходимларга барча қулайлик ва шароитлар яратилган. Тушлик, транспорт хизмати, меҳнат таътиллари қонунчилик асосида бериб борилади. Ойлик маошлар вақтида, эгаллаган разрядига қараб ишчилар уч ярим миллион сўмгача маош олишлари мумкин. Энг муҳими ишчилар даромад солиғидан озод этилган бўлиб, солиқлар корхона ҳисобидан тўлаб борилади. Бундан ташқари бир ой ва бир йил давомида намунали ишлаган ишчи-ходимларга ҳар ойда 5 фоиздан 10 фоизгача устамалар ҳам жорий қилинган. Корхона ишчиларидан Зиёдахон Усарова, Марҳабохон Охунова, Диёрахон Узақова, Ортиқхон Собировалар билан бўлган суҳбатимизда бунга яна бир бор амин бўлдик.
Шунингдек корхона Фарғона Политехника институти ва туманимиздаги 1- ва 2-сон касб-ҳунар мактаблари билан шартнома имзолаган бўлиб, юқори босқичда таълим олаётган ўқувчи талабалар ҳафтанинг ҳар жума кунлари амалиёт учун корхона бўлимларида иш ўрганиб боришаётир.
МЧЖ раҳбари Сарвинозхон Ғаффорова ҳамда жамоанинг саъй-ҳаракатлари ва тинимсиз изланишлари боис бугун корхона фаолияти шу даражага етди. Улар келажакда иш кўламини сифат ва сон жиҳатдан янада ошириш ҳаракатидалар.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА,
“Тошлоқ тонги” мухбири.