Бугун ёшларга берилаётган эътибор уларнинг фаол, изланувчан, мақсад сари интилиб марраларга эришишлари йўлида хизмат қилмоқда. Турли соҳаларда ўзларининг салоҳиятларини намоён қилаётган ёшлар юртимиз довруғини янада юксакларга кўтариб келаётганликлари қувонарли албатта.
Шундай ёшлардан бири туманимизнинг Садда маҳалла фуқаролар йиғинидаги Аъзамжон ва Одинахон Қодировлар оиласида тўрт фарзанд—бир ўғил ва уч қиз орасида кенжа қиз сифатида спортга меҳр қўйиб вояга етган Одинахон Исмоиловадир. У тумандаги 25-умумтаълим мактабининг 9-синфини тамомлаб Фарғона олимпия ва паралимпия заҳиралари коллежида спортнинг бокс тури бўйича таълим олишни давом эттирди. Оилада спортчи қизнинг спорт билан шуғулланиши учун яхши шароит ва имконият яратиб берилганлиги юртимизда яна бир чемпионнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлди.
О. Исмоилованинг юқори марраларга эришишида устозлари Олимжон Мамажонов, Акмалжон Қосимовларнинг меҳнатлари катта бўлмоқда. Хали ёш бўлишига қарамай О. Исмоилова 63 килограмм вазнда 4 карра Ўзбекистон, икки карра Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Иқтидорли спортчи шу кунгача Ҳиндистон, Россия, Белорусия, Қозоғистон каби давлатлардан келган боксчиларга қарши рингга кўтарилиб ғалаба нашидасини ҳис қилган.
—Спорт катта меҳнат, сабр ва матонатни талаб қилади. Ўз устимда тинмай ишлашим учун албатта устозларим кўмаги, маслаҳати менга ҳамиша ёрдам беради. Бу йилги натижаларимни сарҳисоб қилар эканман энг аввало жаҳон чемпионатида иштирок этганим, «Халқаро спорт устаси» унвонини олганим менга янада кўпроқ ўз устимда ишлашимга туртки бўлмоқда. Халқаро ареналарда юксак марраларга эришиб юртимиз байроғини кўкларга кўтаришни дилимга тугиб астойдил олға интилавераман, —дейди суҳбат чоғида О. Исмоилова.
Шоҳистахон РАҲИМОВА.