Тошлоқ тумани Қўрғонча маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳ.Ж. ўтган йилнинг октябрь ойида туман марказидаги савдо дўконидан қийматини бўлиб тўлаш шарти билан 10 500 000 сўмга “LG” русумли кондиционер сотиб олади. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай сотиб олинган маиший техникада носозликлар кузатилади. Яъни кондиционер қишки режимда яхши ишламасдан хонани иситмай қолади. Бу ҳақда истеъмолчи савдо маркази ва маҳсулотга техник хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилади.
Aммо масъуллар кондиционерни сервис хизмати ходимларига эмас, балки бошқа усталар томонидан ўрнатилганлиги, нуқсон монтаж ишлари нотўғри бажарилганлиги натижасида келиб чиққанлиги, шу сабабли техника мижоз ҳисобидан 600 минг сўм эвазига таъмирланишини айтишади. Истеъмолчи томонидан тўлов амалга оширилиб, таъмирлаш ишлари бажарилсада, бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Яна 13 кун деганда кондиционерда нуқсон кузатила-ди. Истеъмолчи яна сервис марказига мурожаат қилади. Энди истеъмолчидан фреон газини қуйиб бериш учун 250 000 сўм, техникани тўлиқ таъмирдан чиқариш учун эса 1200000 сўм хизмат ҳақи сўралади. Шундан сўнг истеъмолчи федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилади.
Мурожаат туман истеъмол-чилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиши жараёнида сервис маркази масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари ва ушбу ҳолатда хизмат кўрсатувчи (ижрочи)нинг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилиши билан юзага келган муаммони бартараф этилишига ҳамда маиший техникани бепул таъмирлаш ишлари амалга оширилишига эришилди.
Ҳуснидахон ЯКУБОВА,
туман жамияти мутахассиси.