Қулупнай баҳорнинг энг мазали меваси. Аммо уни қишда ҳам етиштириб халқимиз дастурхонига тортиқ қилаётган миришкорлар сафи тобора ортиб бормоқда. Иссиқхонада қулупнайни етиштириш эса ўзига яраша машаққат, парвариш ва меҳнатни талаб қилади. Шунга яраша мўмай даромади билан ҳам сийлайди.
Бугунги кунга келиб туманимизда иссиқхоналарда қулупнай етиштириш даромадли соҳага айланмоқда. Жумладан Чуқурқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида бу борада ўзига яраша тажрибага эга бўлган фуқаролар кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасида маҳалла фуқаролар йиғинига раислик қилаётган Абдумухтор Холматовнинг ўзи аҳолига намуна сифатида иссиқхона ташкиллаб ундан мўмай даромад олаётгани таҳсинга сазовордир. Хонадонида ўн йил аввал иссиқхона барпо қилиб аввалига уч сотихли жойда помидор, бодринг, қалампир экиб оиласи тўкинчилигига замин яратган А. Холматов бугунги кунга келиб иссиқхона майдонини 12 сотихга кенгайтириб қулупнай, бодринг, помидор етиштиришни йўлга қўйган.
Хонадон соҳибаси Шоҳидахон Раҳимова ўғиллари Абдумўмин, Саидаҳмад Мўсажоновлар, келини Мадинахон Фаттохова билан бирга иссиқхонада меҳнат қилишмоқда. Фарзандлари, келини олийгоҳда ўқиш, ишлаш билан бирга иссиқхона ишларига вақт ажратиши уларни меҳнатга, даромадли соҳага бўлган иштиёқларидан далолат.
Иссиқхонада нафақат қулупнай, балки тўрт туп мандарин, икки туп апелсин ҳам парваришланмоқда. Хонадон эгаларининг миришкорлигини ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб қулупнай ораларига бодринг, помидор кўчатлари экилганидан ҳам пайқаш мумкин.
— Бу йил биринчи бор Кореянинг “сольхянг” навли қулупнай кўчатини сентябрь ойининг ўрталарида экдик. Илк ҳосилни декабрь ойининг охири янги йил байрами арафасида олган бўлсак, килограммини 200 минг сўмдан бозорга чиқардик. Қилган меҳнатларимиз самараси ўлароқ ҳозиргача қулупнайнинг ўзидан 50 миллионга яқин даромад қилган бўлсак, айни кунда ҳам қулупнайни Марғилон, Фарғона шаҳарлари бозорларига етказиб бермоқдамиз,—дейди А. Холматов.
Хонадон эгалари февраль ойи бошида 3000 туп бодринг, 200 туп помидор кўчати экиб яна қўшимча даромад манбаини яратишни мақсад қилган. Ташқи ҳовлига экилган 20 тупга яқин писта кўчатлари ҳам етти йил деганда илк ҳосилга кирган.
Шоҳистахон РАҲИМОВА.