Халқимиз қадимдан оилани асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келган. Аждодлардан мерос бу эзгу амаллар асрлар оша яшаб бугунги ва келажак авлодлар учун муқаддас маънавий қадриятга, қон-қонимизга сингган юксак маънавий туйғуга айланган. Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланганлиги эътироф этилади.
Қизлар ўзларининг анатомик, физиологик ва психологик тараққиёти нуқтаи назаридан йигитлардан кўра илгарироқ ривожланиши тўғрисидаги илмий қарашлар ҳам йўқ эмас. Лекин оила ва никоҳ муносабатлари учун физиологик ва анатомик балоғатдан кўра маънавий, психологик етуклик зарурроқ эканлиги ҳаётда ҳам, фанда ҳам исботланган. Таъкидлаш жоизки, йигитми, қизми рўзғор тебратишга моддий ва маънавий жиҳатдан тайёрликлари, бу уларнинг касб-ҳунарнинг эгаси бўлишлари билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида қизларнинг олий маълумот олиш, ҳеч бўлмаганда, профессионал касб эгаси бўлишга истаклари у қадар кучли эмас эди. Аксарият ота-оналарда ўз қизларини тезроқ куёвга узатиб набира кўриш, тўнғич фарзанд қиз бўлса ўз «орзу-ҳаваслари»ни айнан шу қиз орқали қаноатлантириб, уйига келган совчиларни кайтармаслиги кераклиги билан боғлиқ бидъатлар ҳам сабаб бўлган. Лекин никоҳ ёшининг 18 ёш этиб белгиланиши қизларни 18 ёшга тўлиши билан турмушга бериш ёки йигитни 18 ёшдаёқ уйлаб қуйиш керак деган маънони англатмайди. Бу ёш даражаси расман никоҳга рухсат беришнинг энг пастки, қуйи чегараси ҳисобланади.
Кузатувларга қараганда айнан шу ёшда, баъзида бу ёшдан ҳам эрта никоҳга кириш (шаръий асосдаги никоҳ) ҳолатлари қайд этилган. Айнан шу ёш оилаларнинг турмуш тарзида маълум қийинчиликлар, муаммолар нисбатан кўпрок юзага келмоқда. Бу муаммолар нафақат бир оиланинг ҳаётини издан чиқишига сабаб бўлади, балки жамиятга ҳам салбий таъсирини кўрсатади. Оиланинг нотинчлиги айнан эрта турмуш қурган ёш оилаларда вужудга келмоқда.
Бугун оилавий ажримлар масаласи жамиятнинг оғриқли муаммоларидан биридир. Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги аризалар, суд жараёнида томонлар кўрсатаётган важлар замирига қаралса ажрашишга арзигулик жиддий сабаблар йўқлиги ойдинлашмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев айтганидек: “Оилага эътибор – ўзлигимизга эътибордир. Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз”.
Дарҳақиқат жамиятимиз келажаги оилалар барқарорлиги ва фарзандларнинг ўз ота-онаси бағрида камол топишига боғлиқ. Шунинг учун ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишларнинг олдини олиш масаласи барчамизга, ота-оналар, кенг жамоатчилик ва ҳар бир онгли инсонга тегишли масаладир.
Ш. АҲМАДЖОНОВА,
тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими шифокори.

About The Author