ДЕНГИЗДАН УЗОҚ, ҚАЛБЛАРГА ЯҚИН ШАҲАР
Хизмат сафари билан бу галги йўлим Хитойнинг шимолий ғарбидаги Урумчи шаҳрига бўлди. Урумчига боришимдан аввал у ҳақда кўп эшитганман. Аммо у ердаги таассуротлар мен кутганимдан анча ортиқ чиқди. Бу шаҳар денгиздан энг узоқ жойлашган шаҳарлардан бири сифатида машҳур. Шинжонликларнинг меҳмондўстлиги, уларнинг миллий таомлари ва маданий яқинликлари юрагимга жуда яқин келди.
УРУМЧИ —
ТРАНСПОРТ ВА ИҚТИСОД МАРКАЗИ
Бу шаҳар нафақат маданий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Шаҳар халқаро миқёсда ҳам муҳим транспорт узелига айланган. Хитой – Марказий Осиё темирйўллари айнан шу ердан ўтади. “Қуруқлик порти” деган атамани аввал эшитмаганмандим, аммо Урумчида унинг моҳиятини ўз кўзим билан кўрдим. 2024 йилнинг биринчи тўрт ойида 380 та поезд 19 давлатга юк олиб чиққан экан. Ўзбекистон ҳам бу йўл орқали товарлар алмашишда фаол иштирок этмоқда.
ЎЗБЕКИСТОНДА ЮРГАНДЕК БЎЛДИМ
Урумчи — Шинжон-Уйғур автоном районининг маркази. У ерда турли миллатлар аҳил-иноқ яшайди. Бу шаҳарда аксарият одамлар билан ўзбек тилида бемалол эркин мулоқот қилиш мумкинлигидан ҳайратга тушдим. Шарқ бозорларига хос, ўзимизнинг бозорларда сотиладиган сомса, гўштли нон, патирларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Гўёки Урумчининг ҳар бир кўчаси, ҳар бир гўшаси худди гастрономик туризм ҳудудига айлангандек. Бозорда обинон сотиб турган Абдулла ака билан ўзбекча гаплашганимда юртимиздаги нон расталари, шаҳримиз бозорлари ёдимга тушди. У киши 25 йилдан буён шу ерда ўзбекча нон ёпиб миллий таомларимизни тарғиб этиб келмоқда.
АТРОФ-МУҲИТ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТ
Синжон Қадимий Экологик Парки — «Ипак йўлининг тирик музейи» деган номга ҳақли. У ердаги дарахтлар, чўл маконлари ва экотизимлар нафақат табиат, балки тарихнинг ҳам тирик гувоҳи. Паркда ахалтекин зотли отлар бор, уларни томоша қилиш, миллий от спорти муҳитини ҳис этиш мен учун беқиёс лаҳзалардан бири бўлди.
Кечқурун эса… энг кутилмаган ҳайрат — миллий куй ва рақс. Соат 21 дан сўнг шаҳар марказида 50 ёшдан ошган инсонлар йиғилиб, гўё ўз болалигига қайтгандек рақс тушишар экан. Уларнинг юзидаги самимият, куйдаги ҳаёт завқи менга ўзбек тўйларини эслатди.
МУЗЛИК СУВИ ВА ИННОВАЦИЯЛАР ШАҲРИ
Тяньшан тоғларининг қорланган манзараларидан кўз узиш қийин. Шу тоғлардаги музликлардан ҳар куни махсус идишларда шифобахш сувлар етказиб берилар экан. «Юэ Шэн Хэ» компанияси бу ишни жаҳон брендига айлантирмоқчи. Компания томонидан тақдим этилаётган сувни ичар эканман, ўзимиздаги Зомин ёки Шаҳрисабз сойларини эслаб кетдим. Аммо Урумчида бу ресурсларга янги технологиялар, яхлит тизим ва мақсадли бизнес модели билан ёндашилаётгани мен учун янги тажриба бўлди.
ТАНИШ ТАОМЛАР ВА ҚАДРИЯТЛАР
Урумчининг турли бозорларида ўзбекча овқатлар — патир, нон, сомса ҳаттоки палов ҳам бор. Хитойликлар ҳам бу таомларга қизиқиш билдиришар экан. Бу ўринда мен бир нарсани ҳис қилдим: таом маданиятга элчи бўла оларкан. Шу орқали бир миллат ўзини бошқаларга таништиради, ҳурмат қозонади.
ИННОВАЦИЯ, ТЕХНОЛОГИЯ ВА КЕЛАЖАККА ҚАДАМ
“Ақлли фермерлик” марказига борганимда эса ўзимни гўё фантастик фильмда юргандек ҳис қилдим. Контейнерда ўсадиган экинлар, сунъий интеллект назоратидаги чорвачилик, 2800 нафар олим, 50 та янги патент. Ўзимизда ҳам бундай лойиҳалар ривожланаётгани рост, аммо бу ерда унинг амалдаги кўлами каттароқ.
ҚАДИМИЙ ЖИАОХЭ — ТАРИХДАГИ ТИРИК ШАҲАР
Жиаоҳе ёки Ярхото — Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманидаги Турфан шаҳридан 10 км ғарбда жойлашган водийдаги шаҳар харобалари. Шаҳар Жуши қироллигининг пойтахти бўлган экан. Бу икки чуқур дарё водийси орасидаги баргли платода тик жарлик тепасида жойлашган табиий қалъа бўлиб юзлаб йиллардан бери сақланиб келаётган шаҳарсозлик намунаси. У Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу ерда Ипак йўли тарихи, буддизм ва қадимий муҳандислик ҳақида кўп нарсалар ўргандим. Ўзимизда Қўқон ёки Термизда ҳам шундай жойлар бор. Аммо уларни тарғиб қилишда ҳали анча иш қилишимиз керак.
ЎЗАРО АЛОҚА ВА АХБОРОТ ТАРҒИБОТИ
Урумчидаги China News Service агентлиги Синжон ҳақидаги янгиликларни Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга етказар экан. Ахборот майдонида ҳам Хитой биз билан яқинлашишга интиляпти. Бу эса икки томонлама муносабатларнинг янада ривожланишига замин яратиши мумкин.
Урумчидан қайтар эканман, кўнглимда ажиб ҳислар қолди. Бу шаҳар фақат стратегик аҳамиятга эмас, балки инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, маданий бирлик, замонавий тараққиёт ва тарихга ҳурмат каби қадриятлар билан юрагимни забт этди. Ҳар сафар борган жойингдан юртингни излайсан, дейишади. Мен Урумчида юртимни нафақат изладим, балки у билан боғлиқ катта умумийликни ҳам топдим.
Ахрор ЗИЁ.
Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.