Тамаддун, маданият ва маърифат — бу уч асос жамият тараққиётининг муҳим пойдевори. Ҳар бир жамият ўзининг тарихий илдизларига, маданий бойлигига ва маънавий-маърифий юксалишига таянган ҳолда келажак сари одимлайди. Бу йўлда ҳар бир фуқаронинг ўз ўрнини англаб етиши ва фаол иштирок этиши муҳимдир. Зеро, халқ маданиятига, тарихига ва маърифатига бефарқ бўлмаган авлодгина чинакам тараққий этган жамиятни барпо эта олади
Бугунги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи, яъни “Янги Ўзбекистон” даври Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги билан бошланди. Унинг ташаббуслари орқали мамлакатимизда тамаддун, маданият ва маърифат соҳаларида туб бурилишлар рўй бермоқда. Бу уч тушунча давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган ислоҳотлар жараёни Ўзбекистонни янги цивилизацион босқичга олиб чиқмоқда. Тамаддун, яъни замонавий ва миллий қадриятлар уйғунлигида тараққий этувчи жамиятни шакллантириш бугунги сиёсатнинг бош мезонидир.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон стратегияси асосида қонунчилик, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва дипломатик соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилди. Тарихий обидалар, қадимий шаҳарлардаги меъморий ёдгорликлар таъмирланиб, миллий тамаддуннинг моддий асослари асраб қолиняпти. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларда халқаро даражадаги форумлар, саммитлар ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда, бу эса Ўзбекистонни дунё цивилизациялари орасида муносиб ўринга чиқармоқда.
Бу ислоҳотлар замирида тамаддунли жамият қуриш — инсон манфаатларига асосланган тараққиётга эришиш ғояси мужассам.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан таълим ва маърифат соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди. У ўз чиқишларида доимо: “Энг катта бойлик – бу билимли ва тарбияли ёшлар”, “Маърифат билан жаҳолатга қарши курашиш керак” — деган ғояларни илгари сурмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида миллий тамаддунни барпо этиш, маданиятимизни юксалтириш, маърифат асосида келажакни қуриш ғоялари ётади. Бу эзгу ғояни амалга ошириш жараёнларида мактаблар, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари сони кескин ошди, янги университетлар, халқаро филиаллар очилди, ўқитувчиларнинг мақоми, ижтимоий ҳимояси ва маоши бўйича туб ўзгаришлар амалга оширилиб “Маърифат карвонлари”, “Китобхонлик фестиваллари”, “Заковат”, “Илм-фан ҳафталиги” каби ташаббуслар орқали ёшлар фаоллигини оширишга ҳаракат қилинмоқда.
Маърифат бугунги Ўзбекистонда жаҳолатга, экстремизмга қарши кучли ғоявий қалқон бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги Ўзбекистон — бу тарихий илдизларга таянган, замонавий ғояларни ўзлаштирган ва истиқбол сари дадил ҳаракат қилаётган мамлакатдир. Шундай экан, ҳар бир фуқаро бу жараённинг фаол иштирокчисига айланиши керак. Зеро, тамаддунни халқ барпо этади, маданиятни авлодлар давом эттиради, маърифат эса жамиятни ёритувчи нурдир.

Э. ЎЛМАСБОЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари.

About The Author